+
Онлайн қабулхона Онлайн буюртма

«Uzbek Leasing International A.O» компанияси «Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлиги ҳафталиги»да қатнашди

Босиб чиқариладиган версия

2018 йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлиги ҳафталиги” доирасида “Инновациялар ва инвестициялар ички ва халқаро бозорларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун самарали асос сифатида” деб номланувчи Халқаро конференция ўтказилди.

Халқаро конференциянинг мақсади Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан, Яқин ва Узоқ хориждан бизнес соҳасида фаолият кўрсатувчи аёлларни ҳамда профессионал-фаол аёлларни биргаликда тўплаш, уларнинг бизнесини илгари суриш шартларини муҳокама қилиш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда халқаро ташкилотлар ва мутахассисларга ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш имконини беришдан иборат бўлди.


Конеференцияда «Uzbek Leasing International A.O» АЖ Бош директори Зафар Мустафаев “Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигининг реал молиявий қўллаб-қувватланиши” мавзусидаги тақдимот билан чиқди. У ўзининг чиқишида мамлакатда изчил амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, хусусан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича чоралар, аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини қайд этди. Бунда Мустафаев Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлиги молия сектори учун ҳали “ўзлаштирилмаган бозор” эканини таъкидлади. У ўз тақдимотида Ўзбекистоннинг лизинг бозорини, тадбиркор аёлларнинг лойиҳаларини амалга оширишда банклар, микрокредит ташкилотлари ва лизинг компанияларининг молиявий имкониятларини ёритиб берди, шунингдек Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ), Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) каби халқаро молия ташкилотларининг Ўзбекистондаги аёллар тадбиркорлигини қўллаб қувватлашдаги фаол иштирокини алоҳида қайд этди. Маъруза якунида Зафар Мустафаев, конференция иштирокчиларининг эътиборини банкларда ва лизинг компанияларида тадбиркор аёлларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган, имтиёзли фоиз ставкалари ва/ёки қайишқоқ гаров таъминотига эга имтиёзли дастурлар мавжудлигига қаратган ҳолда, тадбиркор аёллар ва Ўзбекистон молия ташкилотларининг ҳамкорлиги бўйича таклифларни баён этди.


Шунингдек, 2018 йил 24 ноябрь куни «BUSINESSWOMENEXPO 2018» кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

«BUSINESSWOMENEXPO 2018» – бу мамлакат тадбиркор аёлларининг маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этувчи биринчи ихтисослашган кўргазмадир.

 

Бундай кўргазмани ўтказишнинг асосий ғояси мамлакатдаги тадбиркор аёлларнинг имкониятларини намойиш этиш, бўлғуси янги мижозларга ўз маҳсулоти ва хизматларини тақдим этиш ҳамда имижни ушлаб туриш ва бўлғуси бизнес-лойиҳаларни амалга оширишга инвестициялар ҳамда янги шерикларни жалб этишдан иборат бўлди.



Шу куни компаниямиз, Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватловчи молия ташкилотларидан бири сифатида, ўзининг кўргазма ускуналари ва ахборот-реклама материаллари билан кўргазмада қатнашди. Ушбу тадбирда компания ходимлари тадбиркор аёллар ва бошқа иштирокчиларни компаниямиз томонидан лизинг тақдим этилиши шартлари билан таништиришди.