Ўзбекистон лизинг берувчилар уюшмасининг 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

2020 йилнинг 21 август куни «Ўзбекистон лизинг берувчилар уюшмаси» нинг 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш видео конференция кўринишида ташкил этилди. Видео конференция давомида ҳисобот даври якунлари сарҳисоб қилиниб, мамлакатимизда лизинг бозорини ривожлантириш бўйича кейинги вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб олинди.

2020 йилнинг 1-ярим йиллиги якунларига кўра республиканинг лизинг хизматлари бозорида 42 та лизинг берувчи лизинг фаолияти билан шуғулланган бўлса, уларнинг 14 таси банклардир. Ҳисобот даврида лизинг операцияларининг умумий портфели 5 трлн. 554 миллиард сўмни ташкил этди ва лизинг берувчилар 4,093 та янги лизинг битимларини туздилар, уларнинг ҳажми 1 трлн. 166 млрд. сўм, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2% ёки 22,7 млрд. сўмга камроқ.

2020 йилнинг биринчи ярим йили натижаларига кўра, лизингга берилган объектлар орасида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги йўналиши яққол пешқадам бўлиб, шу турдаги лизинг операцияларининг улуши 59,4% ни ташкил этди. Кейинги ўринни 18,8% улуш билан автотранспорт воситалари эгаллади. Қурилиш машина ва ускуналарини лизингга бериш билан боғлиқ битимлар ҳажми ҳам салмоқли -11,4% ни ташкил этди. Ўз навбатида, кўчмас мулк ва технологик ускуналарни лизингга бериш кўрсаткичлари пасайди ва мос равишда атиги 5,4% ва 5,0% ни ташкил этди.

Кўриб чиқилаётган даврда лизинг компаниялари орасида энг йирик бозор иштирокчилари "O'zagrolizing"(633,2 млрд.сўм), "O’zavtosanoat-Leasing" (83,5 млрд. сўм), "Uzbek Leasing International A.O." (63,5 млрд. сўм)," Asaka-Trans-Leasing "(59,6 млрд. сўм) ва "Fincom" (53,8 млрд. сўм) бўлди.

Ҳисобот даврида йирик лизинг берувчи банклар орасида "Infin Bank" (79.6 млрд. сўм), "Turkiston Bank" (25.1 млрд. сўм), "Trust Bank" (16.9 млрд. сўм), "Asia Alliance Bank" (3.9 млрд сўм) ва "Ipoteka Bank" (3.9 млрд. сўм) етакчилик қилишди.

2020 йилнинг 1-ярми давомида амалга оширилган янги лизинг операцияларида вилоятлар орасида Тошкент шаҳрининг улуши энг катта - 20,9% бўлган бўлса, кейинги ўринларни Тошкент вилояти ва Қашқадарё вилояти мос равишда 11,9% ва 9,1% кўрсаткичлар билан эгаллашди.