Интервю: «Uzbek Leasing International A.O.» бозор муносабатлари ва COVID-19 билан боғлиқ вазият

  • Коронавирус компаниянинг асосий фаолиятига қандай таъсир қилди? Умуман олганда маҳсулотларга ёки тўловларга бўлган талабда ўзгариш сезилдими?

Жавоб: Компаниямизнинг асосий мижозлари хусусий кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳисобланади. Карантин чоралари асосан кичик ва ўрта бизнесга қаттиқ зарба берди. Кўпгина фаолият турлари тақиқланди, умуман олганда, аҳолининг харид қилиш қобилияти пасайди, экспорт ва импорт камайиб, кўплаб саноат тармоқлари туриб қолди. COVID-19 пандемияси ва кейинги карантин натижасида Компаниямизнинг кўп мижозлари тўловларни кечиктира бошлашди ва тўлаш муддатлари кечиктирилишини ёки лизинг тўловлари жадваллари қайта тузилишини талаб қилишди. Лизинг хизматларига бўлган талаб пасайди, бу ҳолат COVID-19 пандемияси айниқса кучли таъсир қилган иқтисодиёт соҳаларида, хусусан: туризм, меҳмонхона менежменти, кўнгил очар тадбирлари билан боғлиқ ва ҳ.к. соҳаларда айниқса яққол намоён бўлди. Табиийки, амалга оширилаётган лойиҳалардан тушумларнинг пасайиши янги режалаштирилган лизинг лойиҳалари амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Албатта, биз ўз мижозларимизни қўллаб-қувватлашни афзал кўрдик – бунда тўлов жадвалларини қайта тузишнинг ҳар бир ҳолатида томонлар келишувига асосан иш тутилди, ҳозирда мижозлар ўз фаолиятини аста-секин тикламоқда, биз эса янги лойиҳаларни молиялаштириш фаолиятимизни давом этмоқдамиз.

  • Бу йил фирмангиз облигациялар чиқарди ва халқаро кредитордан қарз олишга рози бўлди. Молиялаштириш масаласидаги режаларингиз ва "Ўзбек Лизинг" кенгайиши қайси йўналишда амалга оширилиши ҳақида сўзлаб бера оласизми?

Биз учун лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини доимий равишда кенгайтириш муҳим. Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг фонд бозори ривожланиш босқичида ва биз қимматли қоғозлар бозорда қўлланадиган жалб қилиш воситалардан фойдаланишга қарор қилдик. 2020 йил 24 феврал кунида «Uzbek Leasing International А.О.» АЖ ҚК томонидан банкдан ташқари кредит ташкилотлари орасида илк бор жами 25 млрд. сўмлик 3 турдаги облигациялар жойлаштирилди. Булар, муомалада бўлиш муддати 1 йил, даромадлилиги 18%; муомалада бўлиш муддати 2 йил, даромадлилиги 19%; ва муомалада бўлиш муддати 3 йил, даромадлилиги 20% ташкил этадиган корпоратив облигациялардир. Шуни таъкидлашни истардимки, бозорда мавжуд бўлган бошқа облигациялар билан солиштирадиган бўлсак, бу облигацияларимиз иккита афзаллика эга.

Биринчиси – бу муддатидир. Бошқа эмитентлар тўлаш муддати камида 3 йилни ташкил этадиган облигацияларни таклиф қилаётган бир вақтда, «Uzbek Leasing International А.О.» АЖ ҚК, ушбу муддатдан ташқари, 1 ва 2 йиллик муддат билан ҳам чиқарилган облигацияларга эга. Бундай таклиф нисбатан юқори даромадлилик даражаси билан бирга активларининг ликвидлигини сақлаб қолмоқчи бўлган компаниялар учун жозибали бўлиши мумкин.

Иккинчиси - купон ставкалари. Бозордаги 3 йиллик облигацияларнинг аксарияти бўйича купон ставкаси 16-18 фоизни ташкил этади ва бу даража компаниясизнинг 1 йиллик облигацияларида таклиф этилмоқда. Демак, «Uzbek Leasing International А.О.» АЖ ҚКнинг 3 йиллик облигациялари бозордаги энг яхши рақобатбардош таклифлардан 2% кўпроқ фойда келтиради. Бошқа эмитентлардан фарқли ўлароқ, биз ставкани ЎзР МБнинг қайта молиялаш ставкасига боғламаган ҳолда қатъий белгиладик. Бу ҳам инвесторларга кўпроқ даромад олишга имконият беради, чунки ЎзР МБнинг қайта молиялаш ставкаси пасайишга мойилдир.

«Uzbek Leasing International А.О.» АЖ ҚКнинг корпоратив облигациялари «Тошкент» Республика фонд биржасида эркин муомалага чиқарилди, бу ушбу облигацияларни амал қилиш муддати давомида эркин сотиш мумкин демакдир.

Жойлаштириш жараёнида облигациялар асосан маҳаллий инвесторлар ўртасида жойлаштирилди, қизиғи шундаки, бизнинг облигацияларимизни ҳаттоки АҚШнинг хусусий инвесторлари ҳам сотиб олиб, ҳар чоракда купон даромадини олиб келмоқда.

Облигация чиқаришдан олдин биз жалб қилинган маблағларни компаниянинг лизинг лойиҳаларига сармоя сифатида киритиш бўйича аниқ режаларни тақдим этдик. Жалб қилинган маблағларнинг бир қисми янги «экспресс лизинг» маҳсулотига йўналтирилган бўлиб, бу маҳсулот доирасида бизнинг мижозларимизга мурожаат қилган пайтдан бошлаб бир кун ичида лизинг объектини фойдаланишга олиш имкониятига эга бўладилар.

Келгусида, мамлакатимизнинг фонд бозори ривожланиб борган сари, биз қимматли қоғозлар билан операцияларни ҳам шунга монанд равишда кўпайтиришни режалаштирмоқдамиз.

  • Лизинг соҳасидаги бошқарувга боғлиқ вазиятни тавсифлаб бера оласизми - масалан, фоиз ставкалари ёки маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича чекловлар мавжудми, лицензиялаш тартиби жорий этилганми?

Мамлакатимизда лизинг операцияларини амалга ошириш учун айниқса қулай тартиб яратди. Лизинг ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи идора сифатида Молия вазирлиги белгиланган. Ўзбекистонда лизинг хизматлари қатъий тартибга солинмаган ва таваккалчилик лимитлари, фоиз ставкалари ёки маҳсулотни ишлаб чиқишга лимитлар бўйича меъёрий талаблар мавжуд эмас. Лизинг битимида ҳар қандай юридик шахс иштирок этиши мумкин. Бироқ, кредит, фоиз ставкаси ва бошқа хатарлар нуқтаи назаридан пухта ўйланган сиёсат олиб боришдан лизинг компаниясининг ўзи ҳам, унинг акциядорлари ҳам манфаатдор бўлишади. Лизинг компаниялари Ўзбекистонда қабул қилинган барча меъёрий-ҳуқуқий талабларга, шу жумладан солиқ, божхона қонун ҳужжатларига ҳамда ноқонуний фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва уни молиялаштиришга қарши курашиш талабларига риоя қилишлари шарт.

  • Яқин келажакда қандайдир янги қоидалар ёки махсус лизинг қонунчилигини кутган бўлармидингиз?

Жавоб: Ўзбекистон Лизинг ассоциацияси томонидан бозорда фаолият кўрсатаётган лизинг компаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг пандемия даврида ва ундан кейин лизинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган асосий чора-тадбирларни назарда тутувчи қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, бу лойиҳа доирасида «Лизинг тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини янги таҳрирда ишлаб чиқиш таклиф этилган бўлиб, унда лизинг тушунчасини бирлаштириш, лизинг хизматларининг янги турларини киритиш ҳамда айрим чеклов меъёрларини бекор қилиш назарда тутилган.

  • Айнан шу бозор учун махсус тартибга солувчи орган яратилиши эҳтимоли мавжудми?

Лизинг фаолиятини тартибга солиш масаласи вақти-вақти билан турли даражаларда муҳокама қилинади. Ҳозирча янгича тартибга солиш тизими бўйича аниқ бир қарор ёки қараш қабул қилинмаган ва бу масала муҳокама қилиш босқичидадир. Ўз-ўзини тартибга солиш асосида маълум стандартлар ва қоидаларни ишлаб чиқадиган ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилот яратилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

  • Ҳозиргидан кучлироқ тартибга солиш бу саноат соҳасига қандай таъсир қилиши мумкин? Бундай таъсир ижобий бўладими ёки салбийми?

Лизинг фаолиятини тартибга солиш тизими лизинг соҳасига, асосан, ижобий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки бу ерда унинг лизинг хизматига ишончни оширишга таъсирини ҳисобга олиш лозим. Аммо шуни ҳам таъкидлаш керакки, ортиқ даражада тартибга солишга уриниш ва қоғозбозлик бу соҳа тараққий этиши жараёнида тўсиқларга сабаб бўлиши мумкин.

  • Лизинг соҳасида маҳсулотлар ва фоиз ставкалари бўйича рақобат қанчалик кучли?

COVID-19 пандемиясидан олдин лизинг бозорида йирик ва ўрта лизинг компаниялари, шунингдек хусусий тижорат банклари ўртасида кучли рақобат мавжуд эди.

2019 йил якунлари бўйича лизинг берувчилар ўртасида лизинг бозорининг тақсимланиш тенденциясида кескин ўзгаришлар юз берди ва бозорнинг 91% лизинг компанияларига тегишли бўлиб қолди. Тижорат банкларига келадиган бўлсак, 2018 йилга нисбатан улар томонидан кўрсатилган лизинг хизматлари ҳажми кескин камайган ва уларнинг бозордаги улуши атиги 9,2% ташкил этган.

Ҳозирги вақтда бозордаги вазият рақобат даражасини қандайдир баҳолаш учун бирмунча ноаниқ, чунки ҳозирги кунда барча лизинг компаниялари уларнинг аксарият мижозлари карантин сабабли лизинг тўловларини тўла олмаётганлиги сабабли қийин кунларни бошдан кечирмоқдалар.

Соғлом рақобат автотранспорт воситалари билан операцияларни молиялаштириш соҳасида кузатилди ва битимлар катта маблағ талаб қилмаслиги, автотранспорт воситаларининг иккиламчи бозори мавжудлиги ва уларга талаб доимо мавжудлиги жиҳатларини инобатга оладиган бўлсак бундай ҳолат табиийдир.

  • Қайтармаслик ҳолатида эвазига гаровни олиш масаласида қийинчиликлар мавжудми?

Агар лизинг олувчининг лизингга олинган объектни ёки гаровни қайтариб бериш борасида эътирозлари бўлса, лизинг компанияси иқтисодий судга мурожаат қилиши керак ва суд қарори қабул қилингандан кейингина компания мол-мулкни суд ижрочилари орқали қайтариши мумкин бўлади. COVID-19 пандемияси муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан иқтисодий судларга карантин даври давомида гаровни қайтариш ёки жаримани ундириш ҳақида қарор чиқармаслик тавсия қилинди.

  • Энг йирик лизинг компаниялари қайси соҳаларга айниқса катта эътибор қаратган? (масалан, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, истеъмол товарлари)?

2019 йил якунларига кўра янги лизинг операцияларининг ҳажми 2,796 трлн. сўмни ташкил этди, лизинг операцияларининг умумий портфели 5,344 трлн. сўмдан ошди.

Лизинг операцияларини асосий воситалар турлари бўйича тақсимлаш, лизинг берувчилар қандай лизинг объектлари билан ва қанчалик фаол иш олиб бориши тўғрисида тасаввур ҳосил қилишга имконият беради. Сўнгги йиллар давомида лизинг бозоридаги энг йирик сегментлар қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологик ускуналар бўлиб келган, аммо 2019 йилда автотранспорт сегментининг ўсишини ҳам таъкидлаш ўринли. 2019 йилда қишлоқ хўжалиги техникасининг улуши 30,2%, автотранспорт воситаларининг - 29,3%, қурилиш техникаси ва ускуналарнинг - 20,2%, технологик ускуналарнинг - 18,5%, кўчмас мулкнинг эса - 1,8% ташкил қилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида тузилган янги лизинг битимларининг ҳажми 842,8 млрд. сўмни ташкил этади. Бу соҳада хизматларни тақдим этиш бўйича лизинг берувчилар ўртасида «O’zagrolizing» лизинг компанияси (827,3 млрд.сўм) пешқадамлик қилади, ундан кейин эса ушбу кўрсаткич бўйича «Asaka-Trans-Leasing» ЛК МЧЖ (9,89 млрд.сўм) ва «Hamkormazlizing» МЧЖ (1,38 млрд.сўм) лизинг компаниялари етакчи ҳисобланади.

Автотранспорт воситаларини лизингга бериш соҳасида ижобий ўсишга мойиллик кузатилмоқда. Автотранспорт соҳасидаги янги лизинг операцияларининг ҳажми 441,8 млрд. сўмга ўсиб, 819,1 млрд. сўм белгисига етди, бу 2018 йилга нисбатан 2,2 баравар кўпдир. Мазкур соҳада энг йирик лизинг берувчи ташкилот - «Fincom» МЧЖ ҳисобланади (325,8 млрд.сўм). Ундан кейин автотранспорт воситаларини лизингга беришга ихтисослашган «O’zavtosanoat-Leasing» МЧЖ (167,5 млрд.сўм) ва РИЛК «Qurilishmashlizing» АЖ (84,3 млрд.сўм) пешқадамлик қилишади.

Сўнгги пайтларда лизинг хизматлари бозорида қурилиш соҳасида машина ва ускуналарни лизингга бериш амалиёти оммалашмоқда. Бу кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кўплаб қурилиш лойиҳалари билан боғлиқ. 2019 йил якунлари бўйича қурилиш соҳасидаги битимлар ҳажми 563,9 млрд.сўмни ташкил этди. Лизинг берувчилар орасида бу соҳада тақдим этилган хизматларнинг энг катта ҳажми РИЛК «Qurilishmashlizing» АЖ томонидан (170,8 млрд.сўм), иккинчи ўринда - «IpotekaBank» АТИБ (161,2 млрд.сўм) ва учинчи ўринда - «UzbekLeasingInternational A.O.» АЖ ҚК (66,1 млрд.сўм) томонидан таъминланди.

Технологик ускуналар масаласида бозорда: компютер ва телекоммуникация ускуналари - 141,6 млрд.сўм; мелиоратив техника - 112,4 млрд.сўм; озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускуналари - 56,5 млрд.сўм ва б. ускуналар харидоргир ҳисобланади. 2019 йил якунлари бўйича технологик ускуналарнинг умумий ҳажми 520,9 млрд.сўмни ташкил этди.

Лизинг берувчилар орасида лизингга берилган технологик ускуна объектлари ҳажми бўйича «Uzbek Leasing International A.O.» ҚК АЖ етакчилик қилади (147,2 млрд.сўм), ундан кейин «Nano Lizing» МЧЖ (140,1 млрд.сўм) ва «O’zmeliomashlizing» ДУК (107,0 млрд.сўм) туришади.

Кўчмас мулк соҳасида янги лизинг шартномаларининг ҳажми кескин тушиб кетди. Ўтган йилга нисбатан бу кўрсаткич 453,4 млрд. сўмга камайди ва атиги 49,3 млрд. сўмни ташкил этди. Бундай тенденцияга Республиканинг янги солиқ кодексига асосан йил бошидан қўшилган қиймат солиғига боғлиқ ўзгаришлар юз бергани сабаб бўлди. Кўчмас мулкни лизингга бериш соҳасида энг катта тушумни «Orient Invest Group» МЧЖ (11,7 млрд. сўм), «Ipak Yo’li Bank» АИТБ (9,0 млрд. сўм) намойиш этишди ва «Qishloq Qurilish Bank» АТБ (8,9 млрд. сўм) муносиб учинчи ўринни эгаллади.

  • Кейинги беш йил ичида лизинг бозорида қандай ўзгаришларни кутмоқдасиз? (бозор тенденцияси, янги тартибга солиш тизими ва ҳ.к. борасида)

COVID-19 пандемиясидан кейинги умумий иқтисодий инқироз туфайли катта бўлмаган лизинг компаниялари банкротликка учраши мумкин. Шунингдек, ҳукумат лизинг тармоғи учун тартибга солувчи тизим жорий этилиши ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Тижорат банклари томонидан рақобатлашув ҳам ўсиши мумкин. Ўзбекистон бозорига йирик халқаро компаниялар қўшиладиган бўлса, бу ҳам рақобатни кучайтиради.

Бироқ, лизинг компаниялари доимо тезкорлик билан қарор қабул қилиш, мижозлар билан муносабатларда мослашувчанлик кўринишидаги устунликка эга бўладилар. Ўрта муддатли истиқболда лизинг компаниялари муваффақиятининг асосий омилларидан бири доимий молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имконияти бўлади.

  • Сизнингча, лизинг бозорининг ўсишидаги энг катта тўсиқ нима? (масалан, молиялаштириш, тартибга солиш тизими, қонун ҳужжатлари)

У пандемиядан кейинги иқтисодий таназзулдир, чунки бу лизинг хизматларига талабнинг пасайишига ва фойдаланиш мумкин бўлган молиялаштириш манбалари етишмаслигига олиб келиши мумкин. Яъни, бу ресурслар ўта қиммат бўлиши ва ички молия бозорида етишмовчилигидир. Иқтисодиётда маблағ йўқлиги бевосита мижозларнинг тўлов қобилиятига таъсир қилади.

Мазкур тармоқни тартибга солиш тизимининг жорий этилиши катта хорижий инвесторлар учун ижобий омил бўлиб хизмат қилиши эҳтимолдан йироқ эмас – боиси бу капитал ҳимоя қилинганлигига ишончни орттиради.