2021 йил 10 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ислом Лизинги ва Такафул бўйича халқаро конференция бошланди. Ушбу анжуман «AlHuda CIBE» Ислом банкинги ва иқтисодиёти маркази томонидан Ўзбекистон Лизинг Уюшмаси (ЎЛУ) билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Мазкур тадбирнинг асосий мақсади – ислом лизинги ва суғуртасининг имкониятларини англаш ва ўрганишга кўмаклашиш, бизнесни кенгайтириш учун халқаро бизнес иштирокчилар, инвесторлар ва молия бўйича мутахассисларни жалб қилиш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишдан иборат.

Конференциянинг илк кунида қуйидагилар асосий муҳокама мавзуларига айланди:

  • Ислом банкинги ва ижарани ривожлантириш (ислом лизинги);

  • Ислом молияси: Ўзбекистонда лизингни ривожлантириш учун имкониятлар;

  • Ижара ва такафул салоҳияти ва имкониятлари;

  • Ислом молияси индустриясини ривожлантириш учун янги ижара (ислом лизинги) тенденциялари;

  • Такафул индустриясининг глобал обзори;

  • Блокчейн ёрдамида ислом молияси секторини ривожлантириш.

Айни пайтда ислом молия маҳсулотларига аҳолининг қизиқиши ва талаби МДҲ мамлакатларида ҳам, бутун дунёда ҳам шиддат билан ошмоқда. Буларнинг барчаси ислом банкинги, лизинги, суғуртаси ва бошқа исломий молия маҳсулотлари сегментининг ривожланиши учун қулай муҳитни яратади.

Конференция ҳали флйдаланилмаётган ислом лизинги бозорини ўрганиш, бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам ислом банки ва молиявий индустрияси соҳасидаги охирги тенденцияларни, муаммолар ва имкониятларни қабул қилиш ва тадқиқ қилиш учун реал туртки бўлади.

Мамлакатимизга тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон исломий молия сармоясини жалб қилиш ва бу борада ўз қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида ривожланиш учун катта салоҳиятга эгалигини қайд этиш жоиз.

Ўзбекистоннинг тижорат банклари, лизинг компаниялари ва суғурта ташкилотлари вакиллари билан бир қаторда конференция фаолиятида Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Малайзия, Кения, Покистон, Канада, Танзания, Тожикистон ва бошқа мамлакатларнинг вакиллари ҳам қатнашди.