“Uzbek Leasing International A.O.” ва “Inclusive Resource Management (IRM)” ўртасида учрашув

2026 йил 16 февраль куни АО “Uzbek Leasing International A.O.” офисида Inclusive Resource Management компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Inclusive Resource Management (IRM (https://inclusiverm.com/)) — исломий молияни ривожлантириш, мазкур соҳада молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, тадқиқотлар ўтказиш ва профессионал ўқув дастурларини ташкил этишга ихтисослашган халқаро консалтинг компаниясидир. IRM молиявий муассасалар, тартибга солувчи давлат идоралари ва инвесторларга исломий молия воситаларини жорий этиш, таркибий тузилмаларни ташкил этиш ва кенгайтириш масалаларида экспертлик  ёрдамини  кўрсатади.

IRM делегацияси таркиби  қуйидагилардан иборат бўлди:
  • Д-р Аднан Азиз (Adnan Aziz) — Бошқарувчи директор;
  • Хуршед Миракилов — МДҲ минтақаси раҳбари;
  • Малика Уракова — Мамлакатларни қўллаб-қувватлаш бўйича катта мутахассис.
Учрашув давомида АО “Uzbek Leasing International A.O.”  Бош директори Мустафаев Зафаржон томонидан батафсил тақдимот ўтказилди ва  унда қуйидаги масалалар ёритиб берилди:
  • Ўзбекистонда лизинг бозорининг жорий ҳолати ва ривожланиш тенденциялари;
  • компания фаолиятининг асосий йўналишлари ва стратегик устуворликлари;
  • исломий молия воситаларидан  — Ижара ва Муробаҳани жорий этиш;
  • исломий лизинг  амалий самарасини тасдиқлаган муваффақиятли лойиҳалар.
Мазмунли мулоқот якунида томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдиришди:
  • исломий маҳсулотлар  саватини  такомиллаштириш ва кенгайтириш бўйича  консалтинг ёрдамини тақдим этиш;
  • исломий лизинг дастурларини амалга ошириш учун молиявий маблағлар манбасини  излаш ва жалб этиш;
  • Ўзбекистон лизинг компаниялари учун исломий молия бўйича ихтисослашган семинар ва ўқув дастурларини ташкил этиш.