Ислом молия маҳсулотлари ва хизматлари бўйича тез-тез бериладиган саволлар
Ижара нима?
Ижара – бирор бир юридик ёки жисмоний шахснинг иккинчи бир шахсга бирор бир актив (мол-мулк)ни муайян даврга, келишилган тўлов ҳисобига фойдаланишга беришидир. Ислом молия муассасалари одатда ижара мунтаҳия биттамлик (эгалик билан якунланувчи ижара) битимидан фойдаланишади, унга кўра ижарага берувчи ижарага олувчининг кўрсатмасига биноан маълум бир мулк (актив)ни сотиб олади ва ижара олувчига ижара шартномаси асосида топширади, ижара тўловлари якунлангач ижарага берувчи, ушбу мулкни ҳадя асосида ёки олди-сотди шартномаси асосида ижара олувчи номига ўтказади, шундан сўнг ижарага олувчи томон мулк эгасига айланади.
Муробаҳа нима?
Муробаҳа - савдо битими бўлиб, унда сотувчи харидорга муайян актив (мол-мулк)ни унинг баҳоси ва ўзининг устама (маржа)си ҳақида хабардор қилган ҳолда сотади. Амалда, муробаҳа битими ислом молия муассасалари томонидан муддатли тўлов асосида амалга оширилади. Бугунги кунда муробаҳа битими ислом молия молия муассасалари томонидан энг кўп қўлланиладиган битимлардан ҳисобланади.
Рибо нима?
“Рибо” арабча сўз бўлиб, шаръий таърифи бўйича «орттириш», «кўпайиш» ёки «қўшиш» деган маъноларни англатади, у ҳеч қандай эвазсиз(бирон-бир хизмат кўрсатмай ёки хатарни зиммасига олмасдан) ҳар қандай ортиқча қопламалар тўловини назарда тутади. Мазкур амалиётда бир томоннинг мулкини меҳнатсиз ва ноҳақ ўзлаштириб олиш ҳолати ҳамда ундан фойдаланишга имкон яратувчи унсурлари борлиги сабабли, бундай амалиёт ислом фиқҳига кўра ман этилган ҳисобланади.
Анъанавий лизинг битими ва ислом ижара битими орасидаги қандай асосий фарқлар бор?
Мезонлар
Ижара
Лизинг
Хатарларни бўлишиш
Ҳа
Йўқ
Ижара тўловининг бошланиши
Актив фойдаланиш учун қабул қилинган санадан бошлаб.
Маҳсулот етказиб берувчига тўлов амалга оширилган санадан бошлаб.
Жарима (пеня) ҳисобланиши ва ундирилиши
Жарима мавжуд, аммо ундирилган жарима тўлиғича хайрияга йўналтирилади, яъни молия муассасаси даромадига қўшилмайди.
Жарима/пеня ундирилади ва ундирилган жаримамолия муассасаси даромадига қўшилади.
Мулкни суғурта қилиш мажбурияти
1.Ислом суғурта тизими – такафул орқали суғурта қилиш керак, агар такафул тизими мавжуд бўлмаса, у ҳолда анъанавий суғурта тизими орқали қилинади;
2. Суғурта (ва суғурта бўйича харажатлар) молия муассасаси томонидан амалга оширилади.
1. Суғурта анъанавий суғурта тизими орқали амалга оширилади;
2. Суғурта қилиш (шу жумладан харажатлар) мижозга юклатилади.
Мулк (актив) бўйича талаблар
Мулк, нафақат амалдаги қонунчиликда, балки ислом динида ҳам тақиқланган нарса бўлмаслиги керак.
Мулк, фақат амалдаги қонунчиликда тақиқланган нарса бўлмаслиги керак.
Ижара ва Муробаҳа шартномаси бўйича тўловлар муддатидан олдин тўланганида, келгуси тўловлардан чегирмалар назарда тутилганми?
Ижара ва Муробаҳа шартномалари бўйича мулк учун тўловлар муддатидан олдин амалга оширилганда чегирмалар қилиш ислом молия муассасаси ихтиёрида бўлади. Шартномага муддатидан олдин амалга оширилган тўловлар бўйича чегирмалар беришбўйича тегишли банд киритиш (яъни олдиндан келишиб олиш) ман этилади.
Муробаҳа бўйича тўловлар қачон бошланади?
Муробаха бўйича тўловлар мулк мижозга сотилгандан сўнг, ўзаро келишилган муддатларда, яъни ўрнатилган жадвал асосида амалга оширилади.
Ижарага олинган мулкни иккиламчи ижарага (қуйиижарага) бериш мумкинми?
Ижарага олинган мулк фақат мулкдорнинг рухсати билан иккиламчи ижарага (қуйи-ижарага) берилиши мумкин.
Ижара ва Муробаха шартномалари бўйича ўз хизматларни таклиф қилувчи ислом молия муассасаси кўрсатган хизматлари учун бир марталик ҳақ (комиссия) олишига рухсат бериладими?
Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ва аудиторлик ташкилоти (AAOIFI) томонидан ишлаб чиқилган шариат меъёрларига кўра ислом молия муассасаси ижара ва муробаҳа шартномалари доирасида кўрсатган хизматлари учун бир марталик ҳақ (комиссия) олишига рухсат берилмайди, лекин бевосита шу битимлар доирасида амалга оширган ҳақиқий ҳаражатларини мижоздан ундириши мумкин.
Ижара ва муробаҳа шартномалари бўйича ўз хизматларини таклиф қилувчи молия муассасаси тўлов жадвалидан келиб чиқиб, бир ойлик тўловни бўнак, яъни олдиндан тўлов кўринишида (мижоздан) олиши мумкинми?
Ислом молия муассасаси ижара ва муробаҳа шартномаси бўйича мижозлардан бўнак талаб қилишга ҳақли. Бўнак бир ойлик ёки бир неча ойлик тўлов миқдорига тенг бўлиши мумкин.
Мижоз ижара/муробаха битимлари бўйича тўловларни кечиктиргани учун жарима ундириш мумкинми? Агар жарима қўллаш мумкин бўлса, унда бунинг асоси борми?
Шариат нуқтаи назаридан жарима ундириш мумкин эмас. Бироқ ижара ва муробаҳа хизматларини кўрсатувчи муассаса тўловлар кечиккан ҳолатда ҳисобланадиган жарималарни, хайрия мақсадларига йўналтириш мажбуриятини ўз зиммасига олиши мумкин (албатта, ундирилган жарима ислом дини кўрсатмаларига зид бўлмаган хайрия мақсадларида ишлатилади). Демак, ижара ва муробаҳа битимлари тақдим этувчи молия муассасаси жарима тарзида ундирилган бу пулларни ўз манфаатлари учун ишлатиши мумкин эмас (жумладан солиқлар, божхона тўловлари жарималар, коммунал тўловлар). Шу билан бирга, тўловни ўз вақтида амалга оширмаган мижозга нисбатан муддати ўтказиб юборилган тўловларни ундириш учун қўшимча харажатлар амалга оширган бўлса (масалан суд харажатлари, адвокатларга мурожат қилиш билан боғлиқ харажатлар), бундай бевосита харажатлар ундирилган жарима ҳисобидан қопланиши мумкин.
Муробаҳа битими оддий олди-сотди шартномасидан нимаси билан фарқ қилади?
Муробаҳа – бу махсус савдо шакли ҳисобланиб, унда сотувчи харидорга маҳсулотнинг харид нархини, қилинган харажатларни ва устига қўйган устамасини (фойдани) ошкора маълум қилади. Агар сотувчи маҳсулотнинг таннархи ва ўз устамасини маълум қилмаса, унда бу муробаха эмас, балки оддий савдо битими бўлади (бундай битим ислом молиясида “мусавама” деб аталади).
Ижара ва муробаҳа бўйича битимларни молиялаштириш шариат рухсат этган манбалар ҳисобидан амалга оширилиши керакми?
Ислом молия муассасаси фаолияти шариат қоидалари асосида ташкил қилингани сабабли ҳам ушбу муассасанинг барча амалиётлари (яъни пассив ва актив амалиётлар) шариат қоидалари асосида бўлиши талаб қилинади. Демак, ижара ва муробаҳа шартномалари бўйича битимларнинг молиялаштириш манбалари ҳам шариат қоидаларига мувофиқ бўлиши шарт.
Ижарага олинган/ муробаха бўйича олинган мулкни суғурта қилганда исломий суғурт тизимиа – такофулдан фойдаланиш шартми? Такофул қандай ишлайди?
Ҳа, агар такофул тизими мавжуд бўлса, у ҳолда шу тизимдан фойдаланиш керак бўлади. Такофул - арабча сўз бўлиб, «ўзаро кафолатлаш» маъносини билдиради ва Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган, фуқаролар ва ташкилотлар томонидан муайян пул маблағларини бирлаштириш йўли билан амалга ошириладиган икки томонлама “суғурта” тизими ҳисобланади.
Агар ижара мунтаҳия биттамлик бўйича ижарага берилган мулк техник носоз ҳолатга келса, таъмирлаш ишлари ва шунга доир харажатлар кимнинг ҳисобидан амалга оширилади?
Ижара – мунтаҳия биттамлик ижара битими қоидаларига тўлиқ мувофиқ келади. Ижара даври мобайнида мол-мулкка (мижознинг айби билан етказилган зарардан ташқари) зарар етган тақдирда, ижарага берувчи муассаса жавобгар бўлади, чунки ижарага берилган мулкнинг эгаси у ҳисобланади. Шунингдек, у ижарага берилган мулкнинг капитал таъмирлаш харажатлари ва суғурта харажатларини ҳам активнинг эгаси сифатида ўз зиммасига олади. Шу билан бирга бу каби ишларни амалга ошириш мақсадида ижарага берувчи мижозни ўзининг вакили этиб тайинлаши ва мижоз розилиги билан ушбу келишувда кўрсатилган тегишли бандни ижара шартномасига киритиши мумкин.
Исломда гаров олишга йўл қўйиладими?
Исломда гаров қарз бериш ёки молиялаштириш доирасида гаров олиш жоиз ҳисобланади ва берилган молия маблағлари қайтарилмаган/тўланмаган тақдирда, ушбу гаровни сотиш орқали карзни қоплаш кўзда тутилади. Сийратда ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг қалқонларини яҳудийга гаровга бериб, қарз олганликлари ривоят қилинган.
Ижара/муробаҳа шартномаси асосида тақдим этилган мулк учун устамани ҳисоблашда фоизлардан фойдаланиш рибо эмасми, яъни Шариат талабларига зид эмасми?
Рибо сўзининг луғавий маъноси – “ўсиш”дир. Шариатда оз миқдорда бўлса ҳам қарз устига қўйилган “қўшимча”(фоиз) рибони англатади. Ижара ва муробаҳа шартномалари бўйича устама ҳисобланганда устама қарзнинг ўзига эмас, балки активнинг қиймати устига қўшилади.
Муробаҳа объектининг ўзи гаров сифатида олиниши/берилиши мумкинми?
Муробаҳа шартномаси асосида сотиб олинган мулк (унга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат асосида) ислом молия муассасаси ва мижоз ўртасидаги келишувга кўра, гаров сифатида қабул қилиниши мумкин, яъни бу тақиқланмаган.